Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда

Тез-тез сўраладиган саволлар

Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 76-1-моддасига асосан ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 61-моддасига асосан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин. Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси бўлиши мумкин. Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси бўлиши мумкин. Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар белгиланган тартибда ўқиши ва стажировкани ўташи шарт. Ўқув ва стажировкани ўташ даврида улар асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламентининг 13-моддасига асосан захирага киритилишини истаган шахс (кейинги ўринларда номзод деб юритилади) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: номзоднинг Кенгаш раиси номига ёзган аризаси; номзод томонидан шахсан тўлдирилган сўровнома ва таржимаи ҳол; Кенгаш томонидан белгиланган намунадаги шахсий варақа (объективка) ва яқин қариндошлари (номзод ва унинг турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари, шунингдек номзоднинг фарзандлари) тўғрисидаги маълумотнома, шу жумладан электрон шаклда; 3,5х4,5 ўлчамдаги иккита фотосурат; олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси нусхалари; меҳнат дафтарчасининг нусхаси; паспорт нусхаси; Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги ҳужжат; охирги уч йил давомида бажарган ишлари тўғрисида иш жойидан маълумот-тавсифнома; иш жойидан тавсиянома; катта ҳаётий тажрибага ва иш стажига эга бўлган камида уч нафар ҳуқуқшунослардан фикрномалар; номзод ва унинг яқин қариндошларининг судланганлик ҳолати бўйича маълумотнома. Ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар нусхаларининг аслига тўғрилиги Кенгаш девонхона мудири ёки Судьялар корпусини шакллантириш шўъбасининг судьяси ёхуд тегишли судьялар малака ҳайъатининг котиби томонидан тасдиқланади.

"Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида"ги Низомнинг 55-моддасига асосан судьяларнинг малака ҳайъати интизомий жавобгарликка тортилган судьяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин: ҳайфсан; ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима. Интизомий жазо чораси қўлланилаётганида қоидабузарликнинг хусусияти ва оқибатлари, ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллиги, судьянинг шахси, айбдорлик даражаси инобатга олинади.

Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 63-1-моддасига асосан судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланади ёки сайланади. Судья ўз ваколати муддати давомида ҳарбий суднинг, вилоят ва Тошкент шаҳар судининг судьяси, туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса, Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қайта тайинланиши мумкин. Бунда бир суднинг ўзида судьялик лавозимида бўлиш муддати икки йилдан кам бўлмаслиги керак. Судьянинг қайта тайинланиши масаласи унинг аризасига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига биноан киритилади. Судьянинг ваколат муддати унинг судьялик лавозимида фаолият юритган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech